Islomi sahifa - UzbekSite uzbekona portal

Суннат руҳи

Категория Maqola Дата28.03.2024


Албатта, суннатнинг ботиний тарафини тиклаш ҳам унинг  шаклий, бошқача қилиб айтганда, шаръий тарафини тиклаш билан аҳамият жиҳатидан баробардир. Унинг шаръий тарафи деганимизда ҳадиснинг тарихий иснодига тааллуқли нарсалар тушинилади.
Нега биз Ислом билан ҳамоҳанг ҳаётни қурмоқчи бўлган чоғимизда суннатга амал қилишни, қилмаса бўлмайдиган иш, деб қараймиз? Ислом ҳақиқатига етишиш учун мана шу амаллару, одатлар, буйуруқ ва қайтариқлардан иборат бўлган бепоён низомдан бошқа йўл йўқми, ахир? Биз бу низомнинг айрим қисмларини, агарчи ҳаммаси Расулнинг ҳаётларидан олинган бўлса­да, майда­-чуйда нарсалар эканини кўрамиз­ку? Тўғри, Расулнинг энг буюк шахс бўлганида шак-­шубҳа йўқ. Аммо, унинг ҳаётига барча шаклий тафсилотларигача амал қилишга ундаш инсоннинг шахсий ҳуррият ҳуқуқини бузиш эмасми?
Булар, одатда, Исломга дўст бўлмаган танқидчиларнинг кўтариб келган эски эътирозларидир. Улар ўзларича: «Суннатга эргашишда қаттиқ кетиш Ислом оламини таназзулга олиб келган асосий сабаблардан биридир», дейдилар. Чунки улар бу каби йўл тутиш пировардида инсоний фаоллик ҳамда жамиятнинг табиий ривожланишига тўсқинлик килади деб, ўйлайдилар.
Такидлаш лозимки, Ислом келажаги учун энг катта аҳамият – бу эътирозларга жавоб бера оламизми ёки йўқми – Исломга нисбатан тутган ўрнимизни, айнан, суннатга нисбатан тутган ўрнимиз белгилаб беришини билмоғимиздир.
Биз Исломнинг фақат сўфича ақийда устига курилган эмас, балки, доимо ақлий танқидий баҳсни қабул қиладиган дин экани билан, ҳақли равишда, фахрланамиз. Шу боисдан ҳам, биз, суннатга амал қилиш вожиб деб, билишнинг ўзи билан кифояланиб қолмай, балки, ана шу вожибликни тақозо қилган омилни ҳам англашга тиришганимиздагина ҳақиқатни топган бўламиз.
Шу билан биз махсус эътиборга молик бўлган бир муаммони ечган бўламиз. Дарҳақиқат, Ислом инсонни ҳаётининг барча жабҳаларини бирлаштиришга олиб келади. Бу дин мазкур ғояга восита бўлиши  баробарида ҳеч қандай қўшиш ёки камайтиришни кўтармайдиган бир тушунчалар тўпламини ўзида мужассам этади. Исломда инон ихтиёрга ўрин йўқ. Биз унинг таълимотларини, дарҳақиқат, Қуръони Карим баён қилганиек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирганларидек қабул қилар эканмиз, уни тўлалигича қабул қилишимиз лозим, акс ҳолда, унинг қиймати қолмайди.
Исломга нисбатан асосий нотўғри тушунчалардан бири биз уни, ақлий дин бўлгани ҳолда, ўз таълимотларини шахсий ихтиёрга бўйсундиради, деб ўйлашимиздир. Бу «ақлий фалсафа»ни фаҳмлашда кенг ёйилган хатодан пайдо бўлган даъводир. Шу ерда – барча асрларда фалсафанинг ўзи ҳам тан олиб келганидек – ақл билан ақлий фалсафанинг ўртасида катта жарлик ҳосил бўлган. Буни ҳозирги кунда ҳам, одатдагидек, уларнинг айримлари тушуниб етади.
Дийний таълимотларга тааллуқли нарсаларда ақлнинг иши қўшин назоратчисининг сифатида бўлмоғидир. У, албатта, ақлга у осонлик билан, ҳеч қандай фалсафий алдовларга мажбур бўлмагани ҳолда кўтара оладиган нарсаларгина юкланишини билмоғи лозим.
Аммо, хоссатан, Ислом дини таълимотига келсак, нафсу ҳаводан йироқ бўлган ақл унга қайта қайта ишонади, ҳеч қандай қайдсиз, эркин ишониш билан ишонади. Бироқ, бу Исломга боғлиқ бўлган ҳар бир инсон унинг барча таълимотларини сўзсиз, мажбурий қабул қилиши зарурий вожибдир, деган маънони билдирмайди. Бу мизожнинг иши. У ишнинг – албатта, аҳамият жиҳатидан эмас, тартиб жиҳатидан   охирида руҳий бир нурланиш, Қуръони Карим таъбири билан айтганда, «ҳидоят» масаласидир. Нафс ҳавосидан йироқ бўлган бир шахснинг, Исломда бирор нарсани ақлга тўғри келмайди, деб тортишгани бўлган эмас. Аммо, унда – ақлга зид эмас – ақл чегарасидан ташқари бўлган нарслар мавжуд эканида шак шубҳа йўқ.
Мана шу жойгача, диний масалаларга нисбатан ақлнинг иши, кўриб турганимиздек, танқийдий кузатиш бўлди. У, гўё, ҳолатга қараб «ҳа» ёки «йўқ», деб турадиган «билги сайёр»га ўхшайди. Бироқ, «ақлий фалсафа» деганларининг иши бундай эмас. У «ҳа»   «йўқ», деб қўйиш ёхуд кузатишнинг ўзи билан кифояланмайди. Балки, у салбий фикр юритиш майдонига сакрайди. У тушунишга урингувчи ҳам эмас, оддий ақл каби эркин ҳам эмас. У ўта кетган мизожий шахсиятдир.
Албатта, ақл ўзига хос чегарасини билади. Лекин, «ақлий фалсафа» ўзининг шахсий тор доирасида бутун оламни барча икир чикирлари билан қамраб олганини даъво қилиб, ақлий чегарадан чиқиб кетади. У дийний масалаларда бирор давр ёки ҳар бир замонда инсон фаҳми кўтара олмайдиган нарсаларнинг бўлиши мумкин эканини ҳаргиз тан олмайди. Бироқ, у айни пайтда шундай мантиқсизлик қиладики, мазкур нарса илм фанда бўлиши мумкин эканига таслим бўлади.
Ўз ҳажмидан юқори нарсани ярата олмайдиган бу ақлий фалсафанинг қудрати – кўпгина замондош мусулмонларнинг ўз мусулмончиликларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари сари буришга олиб келаётган омиллардан бири бўлди. Биз инсоний фаҳмнинг уни ўраб турган турли имкониятлар билан мутлақо чегараланган эканини исботлаб бериши учун Кант  каби файласуфларга муҳтож эмасмиз. Албатта, бизнинг ақлимиз, ўзининг таркибий табиатига биноан, «куллийлик» (умумийлик) тушунчасини қамраб ололмайди.
Биз, албатта, ҳар бир нарсдан унинг тафсилотларини биламиз, холос. Биз чексизлик нима, азалийят нима, билмаймиз. Ҳатто, ҳаётнинг ўзи нима, билмаймиз. Умумий асослар устига қурилган диннинг масалаларига келсак, биз бу борада моддий тафаккур ҳамда омматан ҳаммада мавжуд бўлган зотий ақлий фалсафа сифатланган васфлардан юқори турадиган ақл соҳиби бўлган йўлбошчига табиий зарурий тарзда муҳтожмиз. Биз Аллоҳ унинг узра нур сочган кишига, бир сўз билан айтганда, «Пайғамбар»га муҳтожмиз.
Биз, қачонки, Қуръони Каримни Аллоҳнинг Каломи, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Аллоҳнинг Пайғамбари деб, эътиқод қилар эканмиз, у ҳолда, одоб юзасидан ҳам, ақл жиҳатидан ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга кўр инсон кўзи очиққа эргашганидек эргашишга мажбурмиз. Бу «кўр» деганимиз барча ақлий қувватларни итқитиб ташлаш керак, деган маънони билдирмайди. Балки, аксинча, ўша қувватларни ўз қудратимиз ва истедодимизга кўра энг гўзал суратда ишлатишимиз лозимлигини ифода этади. Биз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган буйруқлардаги ҳақиқий маъно моҳиятларни кашф қилишни тажриба қилишимиз ва албатта, моҳиятини фаҳмалай олишимиз ёки олмаслигимиздан қатъи назар, ҳар бир холатда мазкур буйруқларга итоат этишимиз вожиблиги домио асос бўлиб қолмоғи лозим.
Шу ўринда бир мисол келтирсам. Бир аскарга раҳбар қўмондон маълум бир ҳарбий марказни эгаллашни буюради. Ҳақиқий аскар буйруқни эшитиши билан дарҳол уни бажаради. Агар аскар шу аснода қўмондон кўзлаган улкан ҳарбий мақсадни фаҳмлай олса, бу унинг ўзи учун ҳам, қўшин учун ҳам катта муваффақият. Аммо, у мақсадни кашф қила олмаса ҳам, буйруқни ташлаш ёки уни кечка суришга ҳаққи йўқ.
Биз мусулмонлар аниқ ишонамизки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам башарият кўрган энг яхши етакчи раҳбардир. Табиийки, биз у киши диннинг ҳам руҳий, ҳам ижтимоий тарафларини бизнинг билишимиз мумкин бўлган даражадан кўра кўпроқ билган, деб эътиқод қиламиз. Демак, қачонки бизни бир нарсага буюрсалар ёки бирор нарсадан қайтарсалар, бу у киши ўша насрани одамларнинг руҳий ҳамда ижтимоий ислоҳоти усиз бўлмайдиган «белгиланган» иш эканини билганларидан бўлади.
У нарса баъзан равшан, очиқ ойдин, баъзан эса, тажрибасиз оддий инсоннинг кўзидан у ёки бу даражада яширин қолган бўлади. Қолаверса, биз, гоҳо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларидаги энг узоқ мақсадни тушунган бўламиз, гоҳо, фақат юзаки мақсаднигина фаҳмлай оламиз. Қандай бўлмасин, бизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига, ривоят саҳиҳ бўлиш шарти билан, амал қилмоғимиз вожибдир.
Аниқки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари орасида биридан иккинчиси аҳамиятлироқ бўлганлари бордир. Биз муҳимроғини биринчи ўринга қўймоғимиз даркор. Бироқ, улардан бирортасини ўзимизча «асос иш» эмас, деган хаёл билан четга суришга ҳаққимиз йўқ. Зеро, Қуръони Каримдаги «У ҳаводан гапирмас» (Нажм 3) ояти Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида келгандир. Бу сўз «У фақатгина бир ижобий  зарурат бўлсагина, Аллоҳ буюрсагина гапиради» деганидир. Биз юқоридагилардан, бизлар, модомики, Исломга холис юзланишни истар эканмиз, Набийимизнинг суннатларига амал қилишга мажбур ва муҳтож эканимизни кўрамиз.
Қачонки Мусулмон киши Пайғамбарининг суннатига амал қилишнинг ижобий заруратини аниқ билса, ўша пайтда унга Исломий жамият қуришда суннатнинг ролини ўрганиши ҳақли, балки, вожиб бўлади. Хўш, мусулмон кишининг тавллудидан то вафотигча бутун ҳаётига қоришиб кетиши лозим бўлган, унинг борлиғидаги энг аҳамиятли ва аҳамиятсиз қирраларида, балки, унинг учун мутлақо мазмунсиз бўлган жиҳатларида ҳам унга йўл йўсинни белгилаб бериши вожиб бўлган ўша қонун қоидалар, одоб ахлоқлардан иборат бўлган бу низомнинг руҳи нима?
Расулнинг ўз издошларига ҳар бир нарсани У зотда кўрганларидек қилишларига буюришида нима яхшилик бор?
Ҳар икки қўлим ҳам тоза бўлганидан кейин, чап қўлим билан ейманми, ўнг қўлим билан ейманми, нима фарқи бор?
Бу ва бу кабилар фақат шаклий кўринишдаги ишлар эмасми?
Ёки уларнинг башариятнинг тараққиёти ёки жамиятнинг ислоҳотига алоқаси борми?
Агар ундай бўлмаса, нима учун улар бизга лозим қилинди?
Ана энди, Исломнинг юксалиши ва қулаши суннатга эргашишга боғлиқ, деб эътиқод қиладиган бизларга мазкур саволларга жавоб бериш фурсати келди.
Менга маълум бўлишича, суннатни барпо қилишда энг камида учта катта сабаб бор:
1.    Инсонни тартиб интизомли ҳаётга: доимий ички уйғоқлик, кучли сергаклик ва  ўз ўзини тасарруф қилиш билан яшашга чиниқтириш. Чунки ортиқча пайтларда содир этиладиган ишлар ва одатлар инсоннинг руҳий камолоти йўлида, худди, пойгадаги отларнинг оёғи остига ташланган қоқилтирадиган тошларга ўхшайди.
Бундай амал ва одатлар энг кам даражага тушурилиши лозим. Негаки, улар фикрни руҳий йўналтиришни барбод қилади.  Биз нимаики қиладиган бўлсак, у бизнинг иродамиз билан олдиндан белгиланган, руҳий кузатувимизга маҳкум ҳолда бўлмоғи лозим. Аммо, биз бунга етишишдан олдин ўз ўзимизни кузатишни ўрганмоғимиз керак бўлади. Нафсни доимий равишда назорат остига олишни Исломда Умар ибн Хаттоб энг чиройли таъбир билан ифода этган: «Ҳисобга тортилмасларингиздан олдин ўзларингизни ўзларингиз ҳисобга тортинглар!» Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам айтган эдилар: «Роббингга, худди, уни кўриб турганингдек ибодат қил».
Биз аввал ҳам ибодат маъноси Ислом тушунчасида намозга чекланмаслиги, балки, амалий суратда бутун ҳаётимизни қамраб олишига ишора қилган эдик. Исломий тушунчанинг мақсади бизнинг руҳий ва моддий борлиғимизни ягона бирликда, ҳар биримизда жамлашдир. Шунинг учун ҳам бизнинг барча саъй ҳаракатимиз ҳаётимиздан бизлар пайқамаган, бизларнинг тасарруфимизга бўйсунмаган омилларни ўчириб ташлашга, уларни, имкон қадар, башар тоқати кўтарадиган даражада йўқ қилишга аниқ қаратилмоғи даркор.
Ўз нафсини ҳисоб китоб қилиш бу йўлдаги биринчи қадамдир. Ўз ўзини ҳисоб китоб қилишга ўрганишнинг энг ишончли воситаси, бу – кундалик ҳаётимизда одат ўлароқ, унча эътибор бермаганимиз ҳолда жорий бўладиган амалларимизни назорат остига олишдир. Мана шу «кичкина» нарсалар, «аҳамиятсиз» иш одатлар, ҳақиқатини олганда, биз гапираётган ақлий чиниқишга боғлиқ нарсаларда ҳаётимиздаги турли «улкан» фаолиятларимиздан кўра муҳимроқдир. Чунки «улкан» нарсалар ўз улканлиги билан доимо очиқ равшан, онгимизда барқарор туради. Аммо, ана у «кичкина» нарсалар эса, осонгина хотиримиздан қочади, назоратдан бизни чалғитади. Шу нуқтаи назардан, ўша «кичкиналар» нафс назоратининг қувватини қайрашда бизларга кўпроқ фойда берадиган нарсалардир.
Баъзан, қайси қўл билан ейишимиз зотан муҳим туюлмаслиги мумкин. Лекин, биз интизом нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, амалларимизни маълум низом билан белиланган суратда қилишимиз энг аҳамиятли ишга айланади. Дарҳақиқат, инсоннинг нафсни ҳисоб китоб қилиш, уни қўл остида тутишга доимий огоҳлик билан бардавом туриши мутлақо осон иш эмас. Агарчандики, бу икки қувват унда мукаммал даражада тарбияланган бўлса ҳам.
Ақлий дангасалик ҳам, моҳиятан олганда, жисмоний дангасаликдан қолишмайди. Масалан, «ўриндиқ ҳаёти»га ўрганган кишига маълум миқдор юришни таклиф қилсангиз, у кўп юрмай ҳолдан тояди, ҳатто, мутлақо юролмай қолади. Аммо, ҳаёти мобайнида яёв юрган, унга чиниққан киши эса, бундай бўлмайди. У пойларида бундай кучаниш, қийналишни сезмайди. Балки, у ўзи одатланган севимли машғулотини топган бўлади.
Бу ҳам, нима учун суннат инсоний ҳаётнинг деярли барча жабҳаларини қамраб олганини бизларга кўрсатадиган яна бир изоҳдир. Қачонки, барча бажаражак ҳамда барча так этажак нарсаларимизни маълум бир ақлий мезонга бўйсундириш доимий равишда вазифамизга айланар экан, бизларнинг нафсни қўл остида ушлашга бўлган қудратимиз ҳамда истедодимиз даражама даража ўсиб боради ва пировардида бизнинг иккинчи табиатимизга айланади. Модомики, ушбу «машғулот» давом этар экан, бизнинг маърифий дангасалигимиз ҳам ўшанга яраша кунига камайиб боради.
Бу ўринда «машғулот» иборасини қўлланиши, табиий суратда, унинг фаол қуввати уни адо этишда онгга таянган ҳолда бўлишини тақозо этади. Суннатга амал қилиш автоматик равишга ўтиб қолган лаҳзада суннат ўзининг тарбиявий қийматини тамоман йўқотади. Ҳа, кейинги асрлардаги мусулмонларнинг ҳоллари ана шундай бўлиб қолди!
Аммо, ҳаётларининг ҳар бир дақиқасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ қилишга бор саъй ҳарактларини сарф қилган саҳобалар ва тобеинлар эса, суннатни уларнинг турмушларини Қуръони Карим руҳига ҳамоҳанг қилиб берадиган «ҳидоят қилгувчи ирода»га ўзларини таслим қилганларини тўла фаҳмлаган ҳолда бажарар эдилар. Улар мана шу «фаҳм» орқали суннатга амал қилишга «машғулот» қилишдан олиш мумкин бўлган фойданинг энг каттасини олар эдилар.
Албатта, агар мусулмонлар у очиб берган йўлларда юришни эплай олмасалар, хато низомда, яъни, суннат низомида эмас. Суннатга нисбатан бундай бепарволик, ғолибан, инсондаги фаол қувватларни кўзга илмасдан, илҳомланиш қувватига ортиқча баҳо бериб юборган форсча тасаввуфнинг таъсирига боғлиқ бўлса, ажаб эмас. Суннатга амал қилиш илк даъват давридан бошлаб Исломий ҳаётнинг жавҳар қисмига айланган бўлгани учун мазкур сўфичилик уни таг томири билан суғириб ташлай олмади. Бироқ, унинг таъсирчан қувватини, натижада қайсидир маънода, ундан кутилган манфаатни йўққа чиқаришга эришди.
Шундай қилиб, суннат сўфиларнинг назарида афлотунча қийматга, сўфича асосга эга бўлган бир урф одатга айланди.
Фиқҳчи, қонунчиларнинг қошида у қонунлардан иборат бир чегара бўлиб қолди! Омма мусулмонларнинг наздида эса, мутлақо маъносиз, бир ичи бўш садафга  айланди, қолди!
Мусулмонлар Қуръони Карим таълимотларида ҳамда ушбу таълимотларни суннат билан тафсир қилишда ноқисликка йўл қўйган бўлсалар ҳам, мазкур таълимотлар ва уларнинг суннат билан қилинган тафсири бино топган ғоя ҳали ҳануз саломат давом этмоқда. Иккинчи бор унга амалга оширишга қайтиш учун ҳеч қандай монелик йўқ!
Шунингдек, суннат, хусуматгўй танқидчилар ўйлаганидек, қаттиққўл, зоҳирпараст риёкорларнинг «самараси» эмас. Аксинча, юксак онг, қатъият ва ўткир ақл соҳиблари бўлган «эр»ларнинг самарасидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари ана шу биринчи даражадаги намунали кишилардан эдилар. Уларнинг доимий идроклари, ботиний уйғоқликлари ҳамда ҳар бир нарсада бўйсунишни ҳис этишлари: уларнинг ҳайратомуз тарихий қудрат ва ғалабага эришишларидаги мўъжизанинг сири эди.

2.  Юқорида айтилган биринчи жиҳат шахсий жиҳат эди. Энди суннатнинг ижтимоий аҳамияти ва ижтимоий манфати устида гап боради. Тараддудсиз айтиш мумкинки, ижтмоий низоларнинг аксари инсонларнинг бир бирларининг ният ва мақсадларини нотўғри тушунишларига бориб тақалади.
Бу нотўғри тушунишнинг сабаби ижтимоий муҳит кишиларининг майл истаклари ҳамда мизожларининг жуда ҳам турли бўлиб кетганидир. Негаки, ҳар хил мизожлар одамларни ҳар хил одатларга олиб келади. Бу одатлар узоқ йиллар бир маромда давом этиш билан сайқаллашгач, жамият кишиларининг орасидаги тўсиқларга айланади. Аммо, аксинча, маълум кишилар жамоаси ўзларининг бутун ҳаётларига муайян одатларни татбиқ этсалар, уларнинг кирди чиқди алоқалари ўзаро хайрихоҳлик асосида бўлиши, уларнинг ақллари ўзаро тушуниншга таёр бўлиши эҳтимоли баланд бўлади.
Шу боисдан ҳам, инсонларнинг шахсий ва ижтимоий хайриятларига ўч бўлган Ислом жамият муҳитидаги шахсларни низомий суратда зотан ўзи боқаришини асосий нуқталардан, деб белгилади. Бунинг асосида, уларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳолатлари қанчалар бир биридан фарқли бўлишидан қатъи назар, уларнинг одатлари ва табиатлари ўзаро ўхшаш бўлишини таминлади. Мана шу жиҳатдан суннат унда одамлар ўйлаган «қаттиқлик» бўлиши билан жамият учун энг катта хизматни бажаради: уни ўзаро жипс, ўз шаклида барқарор қилади. Адоват, низолар авж олишининг олдини тўсади. Бу нарса «ижтимоий муаммо» ниқоби остида ўша «авж олишлар» катта изтироб келтириб чиқарган чоғида араб жамиятида кўндаланг бўлган эди.
Бунга ўхшаш ижтимоий муаммолар одамлар баъзи муссасалар ёки одатларга нисбатан улар асли мукаммал эмас, танқидий текшириш ва тўхтовсиз алмаштириб турилишга муҳтож деб, қарай бошлаганларида пайдо бўлади. Аммо, мусулмонларга – ўзларини Қуръони Карим шариъати, кейинги ўринда Расул амрлари билан чекланган деб, ҳисоблайдиган кишиларга – келсак, улардаги жамиятнинг ҳолатлари барқарор, мустаҳкам бўлиши лозимдир. Зеро, улар барча муаммоларни ягона умумий асосга қайтарадилар.
Модомики, ушбу асоснинг атрофида қандайдир гумон ораламас экан, ундан келиб чиққан ижтимоий низомни алмаштиришга ҳожат ҳам, рағбат ҳам бўлмайди. Шундагина биз, Қуръони Карим фарз қилганидек, мусулмонларнинг «Худди, жипс бинодек»  бўлиши учун амалий имкониятга эришамиз.
Агар бизлар ушбу асосни татбиқ этганимизда эди, жамият майда чуйда ишлар, ўзтабиатига кўра, ўткинчи қийматдан бошқа нарсаси бўлмаган ижтимоий ислоҳотларга куч қувватини сарфлашга музтар бўлмаган бўлар эди.
Қачонки инсоний жамият юзаки тортишув изтиробидан озод бўлса, сўнгра илоҳий шариъат ҳамда Расулга эргашиш устига қурилса, шундагина у барча куч қудратини жамият учун ҳақиқий фаровонликни тўла тўкис бахш этадиган ҳам моддий, ҳам ақлий руҳий масалаларнинг муолажасига сафарбар қила олади. Бу масалалар шахснинг олдига руҳий саъй кўшишларида юриши учун йўлни белгилаб, ҳозирлаб беради.
Гап шу, бундан бошқа нарса йўқ. Мана шу – Исломда  ижтимоий низомдан кўзланган дийний мақсаддир.
3.    Энди суннат ва унга амал қилишда қаттиқ туришдаги учинчи жиҳатга келдик.
Суннатга амла қилишдан иборат бўлган бу низомда ҳаётимиздаги ҳар бир нарса Расул соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амалларига эргашиш устига қурилган бўлади. Бинобарин, биз бир нарсани бажарган ёки тарк этган чоғимизда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур амалларимизга мисол бўладиган амаллари ва сўзлари ҳақида фикрлашга мажбур бўламиз. Натижада, энг буюк кишининг айнан шахсияти бизнинг кундалик турмуш тарзимизнинг ич ичигача шиддат билан кириб келади. Унинг руҳоний нуфузи бутун ҳаёт мобайнида бизлар билан бўлгувчи ҳақиқий омилга айланади. Мана шу нарса, бизлар англаган ёки англамаган ҳолда, ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўша ишга нисбатан тутган ўринларини ўрганишга олиб келади. Ана шунда биз у кишига, нафақат маърифий ваҳйнинг соҳиби, балки, баркамол ҳаёт сари олиб боргувчи ҳидоятпарвар сифатида қарашни ўрганамиз.
Ушбу нуқтадан чекинмай туриб бир нарсага жазм қилиб олишимиз лозим. Биз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни бошқа файласуфлар каби бир файласуф деб, қараймизми ёки доимо илоҳий ваҳй асосида иш кўрган Аллоҳнинг энг юксак Элчиси деб, ҳисоблаймизми? Алабатта, Қуръони Каримнинг бу масалада қараши шундай равшан, аниқки, унга нисбатан ҳар қандай нотўғри тушунчага имкон қолдирмайди. Дарҳақиқат, «Оламларга раҳмат қилиб» юборилган зотнинг доимий равишда унга ваҳй тушиб турадиган киши бўлмай иложи йўқ. Биз агар унинг ҳидоятидан ёки бу ҳидоятнинг баъзи жузларидан юз ўгирадиган бўлсак, бу бизнинг Аллоҳнинг раҳматидан юз буришимиздан ёки бу раҳматнинг ҳаққини кемтик қилишимиздан бошқа нарсани билдирмайди.
Балки ундан – агар биз бу фикрни мантиқий давом эттирсак – Ислом олиб келган рисолат, ҳаммасини йиғиштириб келганда ҳам, башар муаммолари учун охирги ечим эмас, балки, ундан ташқари салоҳият ва манфаат жиҳатидан унга баробар келадиган бошқа ечим ҳам бор, бу икковини солиштириб, афзалини олиш мана бизнинг топқирлигимизга ҳавола қилинган, деган гап келиб чиқади!
Бу енгилтак қоида бизларни – на маънавий, ва на амалий, биронта нарсага бизни мажбур қилмаганидан кейин – қаёққадир олиб бориши мумкин. Аммо, аниқ айта оламизки, у бизларни Ислом руҳига асло олиб брмайди. Зеро Қуръони Каримда  келганки: «Бугунги кунда сизларнинг дийнингизни мукаммал қилиб бердим. Сизларга неъматимни батамом қилдим ва сизларга Исломни дийн деб, рози бўлдим». (Моида 3)
Биз Исломни бошқа маданий низомлардан юксак, деб биламиз. Чунки у ҳаётни бошдан оёқ қамраб олгандир: у дунё билан охиратга, руҳ билан танага, шахс билан жамиятга баробар аҳамият беради. У инсон табиатидаги юксалиш имконининг мавжудлигига эътибор берибгина қолмай, ундаги табиий чекловларни ҳам алоҳида инобатга олади.
У бизларни мумкин бўлмаган нарсани талаб қилишга ундамайди. У бизларни ўзимиздаги қобилиятни энг гўзал суратда истифода этишимизга ҳамда – амал билан фикрнинг ўртасида ҳеч қандай қарама қаршилик ва душманлик бўлмайдиган суратга – ҳақиқатнинг энг юқори чўққисига, етишимизга бошлайди.
У йўллар орасидаги шунчаки бир йўл эмас, балки, у «Йўл»дир! Бу таълимотларни олиб келган киши йўлбошчилар орасидаги бир йўлбошчи эмас, балки, У «Йўлбошчи»дир. Унга ҳар бир ишида, ҳар бир амрида бўйсуниш айнан Исломга бўйсунишдир. Унинг суннатини ташлаш эса, Ислом ҳақиқатини ташлашдир.

Устоз Муҳаммад Асад. «Ал ислам ала муфтарақит туруқ». 1965 йил, 6 босма, 99 100 бетлар.
  • Tafsiya etamiz:
Joyladi: sch Ko'rildi: (1352) Izohlar: (0)
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо войти на сайт под своим именем.
 

Bizbergan savol

Оцените мой сайт
Total of answers: 85

Reklama